Россиянинг Тверь вилоятида эркак мигрантлар истиқомат қиладиган ётоқхонага ўт қўйди. Бу ҳақда Lenta.ru хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 20 октябрь куни содир бўлган. Эркак хонага бензин сепиб, уни ёқиб юборган. Ёнғиндан қочган фуқаролардан бири иккинчи қават деразасидан сакраб тушиб, жароҳат олган. Ёнғин оқибатида хона вайрон бўлган, ётоқхона йўлаги шикастланган.
Гумонланувчи қўлга олинган. Айни пайтда эса зарар миқдори аниқланмоқда.
Бошқарманинг аниқлик киритишича, судланувчи ҳозирда вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 167-моддаси (Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага асосан эркак беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Видеода эркак ётоқхонага бензин сепиб, уни ёқиб юборганини кўриш мумкин. У буни пул учун ёлланиб қилганини айтган.
Аввалроқ Россиянинг Свердловск вилоятидаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил Игорь Мороков мактабларда таҳсил олаётган мигрант оилаларнинг фарзандларига ногирон сифатида қараш кераклигини айтганди.