Ҳозирда мамлакатда бундай чеклов 13 ёшгача бўлган болалар учун амал қилади. Аввалроқ Австралияда ҳам бу масала кўриб чиқилаётганди.
Норвегия ҳукумати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун қатъий ёш чекловини жорий этишни режалаштирмоқда. Энди улардан 15 ёшдан кичик болалар фойдалана олмайди, дея хабар берди The Guardian нашри.
Ҳукумат раҳбарининг айтишича, сиёсатчилар болаларни ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентдан ва «алгоритмлар ҳукмронлиги»дан ҳимоя қилиш учун вазиятга аралашишлари зарур.
Скандинавия давлатида аллақачон ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг минимал ёш чегараси мавжуд — 13 ёш. Шунга қарамай, ўтказилган тадқиқотга кўра, тўққиз ёшли болаларнинг ярмидан кўпи, 10 ёшлиларнинг 58 фоизи ва 11 ёшлиларнинг 72 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.
Центабр ойида Австралия ҳукумати болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаётганини эълон қилганди. Мамлакатда болага интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат бериладиган минимал ёш белгиланиши мумкин.
Бундай ёш ҳозирча аниқланмаган. Бош вазири Энтони Албанезенинг сўзларига кўра, ҳукумат 14−16 ёшгача бўлган болаларнинг Instagram ва TikTokʼдан фойдаланишини тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда, унинг ўзи эса минимал ёшни 16 ёш қилиб белгилашни маъқул кўряпти.
Франция эса 15 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мактабда мобил телефонларни тақиқлашни синовдан ўтказмоқда. Агар бу тажриба муваффақиятли бўлса, январь ойидан бошлаб ушбу амалиёт бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши мумкин.