Бугунги кунда 70 га яқин давлатда ўзбек тили ва ўзбек адабиёти ўрганилади

Ўзбек тилининг таълимдаги нуфузи

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган қутлуғ санадан буён ўтган 35 йиллик тарихга назар ташласак, катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ўтган аср оҳирида уй-рўзғор тили даражасига тушиб қолган тилимиз, тезда ўз қаддини ростлаб олди. Шиддат билан тилимизни тозалаш, йўқотганларимизни қайта тиклаш, бегоналарини ўз луғат захирамиздан янгилаш жараёни бошланди. Ўзбек тилининг таълимдаги нуфузи ортди, ўзбек мактаблари сони кўпайди, дарсликлар янгиланди, бойитилди. Илм-фанда она тилимизнинг мавқеи ортди, илмий ишларни ҳимоя қилишдаги тил чекловлари олиб ташланди, давлат тилида иш юртиш лозимлиги ҳуқуқий меъёрга айланди. Ҳозирги кунда она тилимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларига кириб борган, ўз ўрни ва мавқеига эга миллий қадриятга айланган.

Янги давр тил билан боғлиқ ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни вужуда келтирмоқда: фан ва техника тараққиёти асрида миллий тилларнинг йўқолиб кетиши, ўзга тилларга қарам бўлиб қолиши хавфи туғилмоқда. Бундай шароитда тилни асраб-авайлаш ва унинг нуфузини ошириш, келажак авлодларга бекам-у кўст мерос қилиб қолдириш масаласи долзарблик касб этмоқда.

Ўзбек тилини янада ривожлантириш борасидаги Фармонлар…

Сўнгги беш йил ичида  давлатимиз томонидан тилга кўрсатилаётган эътибор ҳамда унинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар таҳсинга сазовор. Хусусан, 2019-йил 2-декабрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” ПФ-5850-сон Фармони, 2020-йил 20-октабрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6084-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5847-сон Фармони қабул қилинди. Мазкур концепция иловасининг Йўл харитасига мувофиқ 2020-2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари белгилаб қўйилган. 

Юқорида қабул қилинган ҳужжатлар ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Хусусан, сўнгги  йилларда яратилган дарслик ва қўлланмалар, рисола ва луғатлар, шу жумладан, 2022-йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Фанлар академияси ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида тайёрланган 6 жилдлик 5000 га яқин янги сўз (жами 80 мингдан ортиқ сўз) киритилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” илк бор лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида чоп этилиши,  халқаро даражада ташкил этилаётган илмий-амалий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларида тилимизни асраб-авайлаш борасида билдирилаётган фикрлар, таклифлар бунинг исботидир.  Айни пайда  Ўзбекистон Республикасининг тинчликсеварлик, хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантиришга қаратилган ташқи сиёсий фаолияти ҳам ўзга давлатларнинг тилимизга бўлган ҳурмат-эътиборининг ортишига муҳим ҳисса қўшмоқда. Президентимизнинг “… бугунги кунда халқаро майдонда обрў-эътибори тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишда она тилимиз катта ҳисса қўшмоқда” деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеи юксалаётгани сайин қатор давлатлар билан иқтисодий ва маданий алоқалари ҳам кенгайиб бормоқда. Бу жараён, жумладан, санъат, адабиёт сингари соҳалар билан бир қаторда ўзбек тилига бўлган муносабат, эътиборда ҳам акс этмоқда.

Ўзбек тилининг дунё миқёсидаги нуфузи

Таъкидлаш жоизки, ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 50 миллиондан ортгани тилимизнинг йирик тиллардан бири эканлигини кўрсатади. Ҳозирги кунда 70 га яқин давлатда ўзбек тили ва ўзбек адабиёти ўрганилади. Шунингдек, сўнгги йилларда туркий тилли давлатлар ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳамкорликнинг янада кучайиши ҳам тилимизнинг нуфузини юксалтирмоқда.

Хорижликларнинг ўзбек тилини ўрганишга бўлган иштиёқи кучли. Ўз фаолиятини Ўзбекистон билан боғлаган турли соҳа эгалари: тадбиркорлар, инвесторлар, таълим, фан вакиллари давлат тилини мукаммал билиш истагида бўлсалар, иккинчи томондан, хориж университетларида ўзбек тили билан қизиқаётган талабаларнинг сони ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, куни кеча Ўзбекистон ва Жанубий Корея президентлари ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, йирик юқори технологик лойиҳаларни аниқлаш ва янги шериклик моделини шакллантириш юзасидан қатор келишувга эришди. Шу билан бирга таълим, маданий алмашинув самарали ривожланаётгани юқори баҳоланди. Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг нуфузли олий таълим муассаларининг 4 та филиали фаолият юритмоқда.

Бундай жараёнлар ўзбек тили мутахассислари олдига қатор янги вазифаларни қўймоқда.  Аввало, қуйидаги муаммоларни ҳал этишда мутахассисларимизнинг малакали кўмаги жуда муҳим: имло қоидаларида якдиллик йўқлиги, “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”ни  такомиллаштириш зарурати мавжудлиги, лотин алифбосига мамлакат миқёсида тўлиқ ўтиш пайти келганлиги, ўрта умумий таълимда  ўзбек тилини ўқитиш даражасининг қониқарли эмаслиги кабилар ўз ечимини кутаётган масалалардир.

Саводхонлиги пастлиги, грамматик билимларнинг етишмаслиги, луғат захираси…

Ҳозирги кунда сифатли таълимни таъминлаш учун зарур бўлган дарслик ва ўқув қўлланмаларига бўлган эҳтиёж ҳануз долзарблигича қолаётгани ҳам сир эмас. Олий таълимда ўзбек тилини ўқитиш тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги босқичда талабаларга тилни шунчаки мулоқотга киришиш даражасида ўргатиш етарли эмас, ўқув дастурларига хориж тажрибасида қўллангани каби илмий-тадқиқот яратишга тайёрловчи машғулотлар киритиш ва дарсликлар яратиш пайти келди. Ҳолбуки, хорижда  талаба академик даражада тил кўникмаларига  эга бўлиши олий таълимнинг муҳим шартларидан биридир. 

Бугун умумий ўрта таълим мактабини тамомлаб келаётган талаба ёшлар (айниқса, ўрта таълимни рус тилида тамомалаганлар)нинг имло саводхонлиги пастлиги, грамматик билимларнинг етишмаслиги, луғат захирасининг камлиги, матн яратиш кўникмаларининг шаклланмаганлиги ўз соҳа билимларини эгаллашларида ҳам салбий ифодасини топмоқда.

Сўнгги йилларда хорижликлар учун ўзбек тили дарсликлари яратиш борасида жонланиш сезилган бўлса-да, алмашинув дастури орқали ўқишга келган, илмий-тадқиқот олиб бориши лозим бўлган талабага тавсия қила оладиган, тилни босқичма-босқич, яъни бошланғич, ўрта ва юқори даражада ўргатишга мўлжалланган, ягона тизимга солинган дарсликлар ҳануз яратилганича йўқ. Шунингдек, ўзбек тилини мустақил ўрганишни истовчилар учун мўлжалланган онлайн тил ўқитиш дастурлари, электрон дарсликлар борасидаги тақчилликни бартараф этиш зарурати юзага келмоқда.

Барчамизга маълумки, 2024-йил 27-октабрда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Сайловда бешта сиёсий партиялар иштирок этади. Ушбу партиялар дастурида мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролар ва миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳар бир оила ҳамда бутун халқнинг фаровонлигига эришиш, тиббиёт ва кучли ижтимоий ҳимоя, ижтимоий адолатни таъминлаш каби қатор мақсадлар қўйилган. Партиялар дастурий мақсадлари сирасида сифатли таълимга бўлган алоҳида эътибор қувонарлидир. Таълим сифати эса кўп жиҳатдан замонавий илм-фан ютуқларига таянган, бугунги кун эҳтиёжларига жавоб берадиган, билим ва кўникмаларнинг мустаҳкам замини бўлган тил билимларига боғлиқдир. Билимларни таъминлаш тилшунос-олимлар ва ўқитувчилар зиммасига жиддий масъулият юклайди. Давлат тили мақомини ошириш ва кенг тарғиб этишга қаратилган чора-тадбирлар эса давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолиши зарур.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
 Ўзбек ва рус тиллари кафедраси доцентлари
Шоира Норматова ва Мехрибон Абдурахманова