Рақобат қўмитаси бу бозорда Yandex Eats ва Express24 сервисларини монопол деб топди
Рақобат қўмитаси “YandexGo UB” МЧЖ, “Yandex Eats” МЧЖ ХК ҳамда “Express24 APP” МЧЖни устун мавқега эга (монопол) рақамли платформа операторлари деб эътироф этди.
Қўмитанинг тегишли буйруғи билан, Yandex Go такси агрегатори хизматлари бозорида, Yandex Eats ва Express24 эса тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизматлари бозорида устун мавқега эга деб топилган.
Расмий хабарда айтилишича, бунга “Yandex Eats” МЧЖ ХК ва “YandexGo UB” МЧЖларнинг бу соҳаларда устун мавқега эришилгани ҳақидаги хабарномалари асос бўлган.
“Қўмита “YandexGo UB” МЧЖ ва “Yandex Eats” МЧЖ ХKлар томонидан янги тартибга солиш ҳужжатлари талабларини бажарилишини олқишлайди”, – дейилади монополияга қарши орган баёнотида.
Қўмита эндиликда бу корхоналар томонидан устун мавқейини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мажбурий тартибда монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади ва тегишли тартибда мониторинг ўтказиб борилишини маълум қилди.
