Мактабларда ўқувчиларнинг ҳижоб ва ниқоб кийиши тақиқланади  

Россиянинг Владимир вилоятида мактабларда ўқувчиларнинг диний эътиқодини намоён қилувчи кийимлар, жумладан, ҳижоб ва ниқоб кийиши тақиқланади. Бу ҳақда тегишли қарорни вилоят Таълим ва ёшлар сиёсати вазирлиги эълон  қилди.

Ҳужжат 25-октябрь куни эълон қилинди. Бу буйруқ вилоят таълим вазирлигининг ўқувчиларнинг кийиниш тартиби бўйича умумий талабларини тасдиқловчи қарорига ўзгартиришлар киритади.

“Дин давлатдан, жумладан, дунёвий таълим соҳасидан ажратилган. Ўқувчиларнинг кийими диний атрибутларга эга бўлмаслиги керак,” — дейилади Владимир вилояти Таълим вазирлигининг Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.

Шунингдек, бу каби ҳуқуқий тартибга солиш ишлари виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисидаги федерал қонун ҳамда таълим тўғрисидаги қонунга тўлиқ мос келиши таъкидланади.