Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, сентябрь ойида дунё бўйича mpox (маймун чечаги) инфекциясига чалиниш ҳолатлари рекорд даражага етган.
Бу даврда 2763 та янги касалланиш ҳолати рўйхатга олиниб, август ойига нисбатан 8 фоиз ўсиш қайд этилган. Аниқланган беморларнинг асосий қисми, яъни 1756 нафари Африка минтақаси аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.
Ўз навбатида, маймун чечаги вирусидан ўлим кўрсаткичлари ҳам ортмоқда. Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг маълум қилишича, шу кунгача mpoxни юқтирган беморлардан 1,1 минг нафари ҳаётдан кўз юмган.
Шунга асосланиб, марказ “Африкада ушбу инфекция тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият назоратдан чиқмоқда” деб хулоса қилди.