Газ таъминоти бўйича 1,5 мингдан ортиқ фуқаро шикоят қилган

Ўзбекистон фуқаролари жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида газ таъминоти ташкилотлари фаолияти бўйича 1,5 мингдан ортиқ шикоят йўллашган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Шикоятларнинг асосий қисми тўловларни нотўғри ҳисоблаш билан боғлиқ бўлган.

Масалан, Жиззах вилоятида газ таъминоти филиали қурилиш компаниясидан асоссиз қарз сифатида қарийб 122 миллион сўм талаб қилган. Бухоро вилоятида яшовчи фуқарога эса бузилган ҳисоблагич туфайли 19 миллион сўм қарз нотўғри ҳисобланган. Қашқадарё вилоятида эса истеъмолчи шахсий ҳисоб рақами адашган оператор сабабли қарздорлар рўйхатига тушган.

Хоразм вилоятида квартира харидори эса газ таъминотига уланмаган квартираси учун ҳақ тўлашга мажбур бўлган.

Шикоятларнинг яна бир қисми хизматлар сифати — газ қувурларидаги босим ва суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш муддати билан боғлиқ бўлган.

Кўпчилик мурожаатлар бўйича компаниялар истеъмолчилар манфаати учун қайта ҳисоб-китоб амалга оширди.