Дарсликлар ижараси учун тўловни қайта жорий этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси учун тўловларни тиклаш таклиф қилинмоқда. Бу 2025−2027 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасидан келиб чиқади.

Лойиҳада қайд этилишича, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни (шундан машқ дафтарлари — 100−150 минг сўм) ташкил этган.

Ҳужжатни ишлаб чиққанлар битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни унинг нархининг 16−18 фоизини ташкил этадиган миқдорда тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда.

Йиғилган 376,6 млрд сўм маблағ ҳар йили ўқувчиларни машқ дафтарлари билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилади.

«Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда», — дейилади бюджетнома лойиҳасида.

Бюджетнома лойиҳасига бу таклиф киритилганини 29 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов маълум қилди.

«Бу бюджетномадаги таклиф, бу норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки бошқа нарса эмас. 2-синфдан 11-синфгача бўлган контингент учун бир тўпламга синфидан қатъи назар бир марталик белгиланган 80 минг сўм ижара тўловини киритиш бюджетномада таклиф сифатида кетган. Бу бюджетга юкламани тахминан 376 млрд сўмга камайтиришга олиб келиши мумкин», — деди у.

Унга кўра, жорий йилда дарсликлар учун 1,5 трлн сўм, келаси йили эса 1,3 трлн сўм маблағ сарфланиши кутилмоқда.

«Бу таклиф даражасида турибди. Бу 1-синфдан ва ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилалардан ташқари. Бу ҳали жорий этилди, қабул қилинди дегани эмас», — деди вазир ўринбосари.