Жаҳон иқтисодий форуми 2027 йилга келиб Европада 83 миллионта иш ўрни йўқолишини башорат қилмоқда. Бундай ўзгаришларнинг асосий сабаби тез ривожланаётган сунъий интеллект ҳисобланади.
Тадқиқотда, шунингдек, 2027 йилгача 69 миллионгача янги иш ўрни яратилиши мумкинлиги айтилади.
McKinsey компаниясининг Европада бандлик келажаги тадқиқоти прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб 94 миллион европалик ишчи роботларнинг ривожланиб бориши туфайли қайта тайёрловга муҳтож бўлади.
McKinsey, шунингдек, ишчиларига сунъий интеллект ривожланиши билан энг кўп таҳдид соладиган соҳаларни аниқ келтиради. Улар жумласига – меҳмонхона ва жамоат овқатланиш объектлари (94 фоиз), санъат (80 фоиз), улгуржи ва чакана савдо (68 фоиз), қурилиш (58 фоиз) ҳамда транспорт ва логистика (50 фоиз) киради.
2030 йилга бориб 21 миллион киши касбини ўзгартиришга мажбур бўлиши мумкин. Тадқиқотчилар хулосасига кўра, бу одамларнинг аксарияти олий маълумотли эмас.
Шу билан бирга, Жаҳон иқтисодий форумига кўра, яқин йилларда бошқа соҳаларда сезиларли ўсиш ҳам бўлиши керак. Гап 69 миллионга яқин янги бўш иш ўринлари ҳақида кетяпти. Ҳисоботда эса бундай минтақаларнинг барқарор туришига ёрдам бериш учун масофавий ишлашни рағбатлантириш таклиф этилади.
Европада меҳнат унумдорлиги ҳозирда Амстердам, Копенгаген, Лондон, Мадрид, Мюнхен ва Париж каби бир неча меҳнат бозорларида жамланган.
Ҳисоботда айтилишича, бу шаҳарларда Европа аҳолисининг атиги 20 фоизи истиқомат қилади, бироқ 2007-2018 йиллар оралиғида Европа ялпи ички маҳсулоти ўсишининг 43 фоизи, соф иш ўрни ўсишининг 35 фоизи ва аҳоли ўсишининг 40 фоизини ташкил қилган.
Бошқа томондан, Шарқий ва жанубий Европада меҳнат бозори қисқарган 438 та минтақа мавжуд бўлиб, уларда аҳолининг 30 фоизи истиқомат қилади ва «иш кучининг қисқариши, кекса аҳоли ва таълим даражасининг пастлиги» билан тавсифланади.