Counter Strike ва GTA ўйнаш тақиқланди — Тожикистон

Тожикистонда ахлоқсиз ва зўравонлик мазмунидаги видеороликлар ҳамда ўйинларни ўйнаш қатъиян тақиқланди. Бу ҳақда Душанбе Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таҳлилига кўра, баъзи ёшлар ва ўсмирлар мунтазам равишда бундай ўйинларга берилиб, уларнинг салбий таъсири остида турли жиноятларни содир этади.

Бу, айниқса, Тожикистон маданият вазирлиги хулосасига кўра, зўравонлик, шафқатсизлик, қотиллик ва талончилик элементларини ўз ичига олган Counter Strike ва Grand Theft Auto (GTA) каби машҳур ўйинларга тааллуқли, дейилади пойтахт ИИБ хабарида.

Яна қайси ўйинлар тақиқ остига тушгани маълум қилинмаган. Бироқ фуқаролардан фарзандларини назорат қилиш ва уларни зўравонликни тарғиб қилувчи ўйинларга қўймаслик сўралмоқда.

Тақиқнинг бажарилишини таъминлаш учун пойтахтдаги интернет-кафеларда мунтазам рейдлар ва текширувлар ўтказиш режалаштирилган. 

2017 йил июнь ойида Душанбе мэри Рустам Эмомали вояга етмаганларнинг тунги вақтда кўнгилочар марказлар ва интернет-кафеларга боришини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Бу ўсмирлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва улар томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилгани таъкидланган.