Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит” ахборот тизими томонидан вазирликларда автоматик равишда аниқланган рисклардан 395 миллиард сўмлик камчиликлар бартараф этилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ҳисоб палатаси масъул ходими Сардор Усмонов маълум қилди.
Назорат тадбирлари ва таҳлиллар натижасида:
54,5 миллиард сўм ортиқча ва ноқонуний харажатларнинг олди олинган;
давлат бюджетига 3,6 триллион сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланиб, ҳозирда ундириш чоралари кўрилмоқда;
бюджет маблағлари ҳисобидан 177 миллиард сўмлик ортиқча ва ноқонуний харажатлар аниқланиб, уларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслик чоралари кўрилган.
Давлат харидлари таҳлил қилинганда 3 минг 200 та шартнома қайд этилган қонун талабларига зид равишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда тузилганлиги аниқланган. Шундан 9 тасида 1,9 миллиард сўмга қиммат нархлар ва 1,5 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги маълум бўлган.