Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги 38-умумтаълим мактаби директори ишдан олинди. Бу ҳақда Андижон ММТБ хабар берди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Олтинкўл тумани «Қорақалпоқ» маҳалласида жойлашган 38-умумтаълим мактаб директори мактаб ўқувчиларини калтаклаётгани акс этган видео лавҳа тарқалганди. Унда мактаб директори икки нафар ўқувчини дарсни бузаётганликда айблаб, бош қисмига ургани кўринади.
Ҳолатни ўрганган ишчи гуруҳ мактаб директори ўқувчиларга нисбатан педагогик этика қоидалари доирасида муносабатда бўлмаган деб топди. Директор синфда пиротехника воситаларидан фойдаланган ўқувчиларнинг бошига урган, дейилади хабарда.