5 июндан 5 ноябргача бўлган даврда биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 5,3 млн сўмдан 10,2 млн сўмгача ёки 91,4 фоизга ошди. Пропан нархининг қимматлашиши фонида АИ-80 бензини нархи ҳам кўтарилиб боряпти.
Охирги ойларда пропан ва АИ-80 бензини нархи ёнилғи қуйиш шохобчаларида кескин қимматлашди. Айрим ҳудудларда тақчиллик ҳам кузатиляпти. Ушбу ёнилғи маҳсулотларининг қимматлашиши биржада нархлар ошгани фонида рўй беряпти.
5 ойда қарийб 2 баробар нарх ошиши
5 июн ҳолатига пропаннинг 1 тоннаси 5 млн 320,4 минг сўмдан сотилган бўлса, бу 5 ноябрга келиб 10 млн 186 минг сўмгача қимматлашган. Яъни 5 ой давомида ушбу маҳсулот баҳоси 91,4 фоизга ошган.
Расмий статистикага кўра, пропан нархи октябр ойида 1,2 фоизга, йиллик ҳисобда 32,7 фоизга қимматлашган.
1 август куни Рақобат қўмитаси биржа орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишлар олиб бориб, қўшимча ахборот берилишини маълум қилганди. Ўтган давр мобайнида пропан нархи янада қимматлашди, қўмита эса ўрганиш ишларининг натижаси ҳақида маълумот бергани йўқ.
Аввалроқ, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов пропаннинг биржадаги нархлари кескин қимматлаб кетганини пропан-бутан ишлаб чиқариш етарли даражада ошмагани, пропанда ҳаракатланувчи автотранспортлар сони эса 1,57 баравар кўпайгани билан хаспўшлаганди.
АИ-80 ҳам қаторданқолмади
5 ноябр ҳолатига АИ-80 бензинининг 1 тоннаси 9 млн 998 минг сўмгача қимматлашди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида ўтказилган савдоларда ушбу маркадаги бензиннинг ҳар тоннаси 7 млн 375 минг сўмдан сотилган. Бир йил давомида биржа нархлари 26,2 фоизга ошди.