Нодавлат мактабгача ва мактаб ташкилотлари барча турдаги солиқ ва йиғимлардан озод қилинади

“Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-403-сон, 22.11.2024) қабул қилинди.

Қарор билан 2030 йил 1 январга қадар нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари:

барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилинади;

унда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўламайди.

Шунингдек, 2030 йил 1 январга нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг қуйидаги Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товар жиҳозларига божхона тўловлари тўланмайди (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно):

• замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари;

• компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлар;

• ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

нодавлат таълим ташкилотларига доимий жалб этиладиган педагог хорижий мутахассисларга “А-2” ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома бериш йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан 1 бараваригача камайтирилади.