Пропан нархининг кескин ошиши: Бош прокуратура бунга қандай изоҳ беради?!

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси депутати томонидан Энергетика вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Бош прокуратурага депутатлик сўровлари юборилди.

Сўнгги кунларда ёнилғи қуйиш шохобчаларида пропан нархининг икки бараварга ошиб кетиши жамоатчиликда жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Аҳолининг иқтисодий эҳтиёжлари ортиб, асосий истеъмол товарлари таннархининг ошиши хавфи кучайди. Шу муносабат билан депутат масъул ташкилотларга қуйидаги талабларни илгари сурди:

Пропан таннархи ва нархлар шаклланиши бўйича шаффофликни таъминлаш, бозорда ноқонуний ҳаракатлар ҳамда монополиячиликнинг олдини олиш.

Аҳолига вазият бўйича тушунтириш ва келгуси режаларга оид очиқ маълумот бериш.

Ёқилғи-энергетика ресурслари соҳасида барқарор нарх сиёсатини йўлга қўйиш.

Нархнинг ошиши нафақат истеъмолчиларнинг шикоятларига, балки кенг ижтимоий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин, жумладан:

Озиқ-овқат ва кундалик товарлар нархининг ошиши;

Хусусий сектор ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши;

Кам таъминланган оилалар турмуш шароитининг янада оғирлашиши.

“Адолат” СДП, ҳукуматдан тезкор чоралар кутилмоқда. Пропан нархининг ошиши иқтисодий барқарорликка ҳамда аҳолининг ижтимоий турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатади. Ҳукумат бу масалада самарали бошқарув механизмларини жорий этиши ва аҳоли ишончини қайтариш учун таъсирчан қадамлар қўйиши зарур.