ЖССТ маймун чечагига қарши иккинчи вакцинани тасдиқлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймун чечаги (mpox) вирусига қарши яратилган иккинчи вакцинани тасдиқлади. Япониянинг “KM Biologics” компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу эмлаш воситаси “LC16m8” деб номланади.

Хўш, янги вакцинанинг аввалги турдошидан қандай фарқли жиҳати бор?

Қайд этилишича, шу йил сентябрь ойида фойдаланиш учун рухсат этилган Даниянинг “Bavarian Nordic A/S” компаниясига тегишли “MVA-BN” номли илк эмлаш препарати 18 ёшдан ошганларда қўллашга мўлжалланган эди.

Японияда ишлаб чиқарилган янги вакцинани эса нафақат катталар, балки бир ёшдан ошган болалар ҳам фавқулодда ҳолатларда қабул қилиши мумкин.

ЖССТ баёнотида айтилишича, Япония ҳукумати маймун чечаги эпидемияси авж олган Конго Демократик Республикасига ушбу вакцинадан 3 миллион дозасини беғараз ёрдам сифатида етказиб беришга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида дунё бўйича mpox инфекциясига чалиниш ҳолатлари рекорд даражага етиб, 2763 та янги касалланиш ҳолати рўйхатга олинган эди. Аниқланган беморларнинг асосий қисми Африка минтақаси аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.