Тошкентда жамоат транспортини тун-у кун ишлаш режимига ўтказиш режалаштирилмоқда

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш масалаларини ўрганиб, тегишли таклифлар тайёрлади.

Хусусан, қуйидагилар таклиф этилмоқда:

⁃ 2025 йил 1 февралдан тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузиш;

⁃ кўнгилочар муассасаларнинг жума ва шанба кунлари кеча-кундуз ишлаши ҳамда уларнинг иш соатларига қўйилган чекловларни бекор қилиш

⁃ туристик жозибадор зоналарни аниқлаш ва уларда тунги тадбирлар учун жойларни ташкил этиш;

⁃ Тошкент шаҳридаги жамоат транспортини (автобуслар, трамвай, метро) кеча-кундуз ишлаш режимига ўтказиш;

⁃ тунги муассасалар, жамоат транспорти йўналишлари ва махсус таклифлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган “Тунги Тошкент” электрон платформасини яратиш;

⁃ тунги иқтисодиёт учун маълум ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларни ёритишни кучайтириш ҳамда аҳоли ва сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиш.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, “Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, тунги иқтисодиёт соҳасида лицензиялаш тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи қонунни тайёрлаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.