«Оилавий тадбиркорлик» доирасида 100 миллион сўмгача кредит бериш соддалаштирилади

Президент йиғилишида дала четидан самарали фойдаланаётган тадбиркорлар кўпайиб бораётгани таъкидланди.

Масалан, Асакадаги фермер хўжалиги дала четидаги 3 гектарда 10 минг дона тут, терак ва ток экиб, беш йилдан кейин 700 миллион сўм даромад кўрган. «Самарқанд қулупнай» корхонаси Қўшработ, Жомбой, Булунғурдаги 6,5 минг аҳолига 3 миллион олча кўчатини бепул тарқатиб, дала четида эктиришни йўлга қўйди.

Йил якунигача дала четларидаги 650 минг, аҳолига берилган 364 минг гектарни экспортчи-тадбиркорларга бириктириш топширилди.

Эндиликда томорқа, ички кўчалар, дала четлари ва канал-коллекторлар атрофидаги ерларда даромадли экинлар экиш ва уларни экспорт қилишга Ўсимликлар карантини ва ҳимоя агентлиги масъул бўлиши белгиланди.

Вилоят ҳокимларидан ҳам бу борада сўров қаттиқ бўлиши қайд этилди.

Бу ишларга фаол киришган аҳоли, фермер ва кластерларга катта енгилликлар берилиши таъкидланди.

Дала четини самарали ишлатган фермерларга тадбиркорлар рейтингини ҳисоблашда қўшимча балл берилади, ички фитосанитар сертификати бир йил давомида бепул берилади. Фермерларга барча ерлари учун ер солиғини икки йилга бўлиб тўлашга рухсат берилади.

«Оилавий тадбиркорлик» дастуридаги 100 миллион сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади.

Шу билан бирга, дала чети ҳисоби, нима маҳсулот етиштирилгани ва қанча маҳсулот олингани “e-Фито» портали орқали назорат қилиб борилади.

Шунингдек, ҳар бир маҳаллада камида 100 тадан хонадонга лимон, узум кўчати тарқатиш, кўчалар ва кўп қаватли уйлар атрофида аҳолининг ташаббуслари асосида камида 10 миллион туп узум экиш муҳимлиги таъкидланди.

Сайхунобод тажрибаси асосида 164 та қишлоқ туманларининг 4 тадан маҳалласига минитехника берилиши белгиланди. Ким минитракторда хизмат кўрсатса, ўзини ўзи банд қилган бўлади ва уларга мамлакатимизда чиқадиган техника учун 30 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Мева-сабзавотни қайта ишлаш Қорақалпоғистон, Навоий, Хоразм, Сирдарё ва Жиззахда республика кўрсаткичидан пастлиги қайд этилди. Ангор, Узун, Ҳазорасп, Хонқа, Улуғнор, Кегейлида бирорта мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари йўқ.

Бунга халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ишлатилмасдан ётгани, айрим ҳудудлар бирорта лойиҳа таклифини бермаганига эътироз билдирилди.

Мутасаддиларга ушбу маблағни самарали ишлатиш бўйича лойиҳалар портфелини шакллантириб, амалий ишга ўтиш топширилди.

Экспорт йил давомида бўлиши учун 51 та туманда «шок» усулида музлатиш тизимини яратиш режалаштирилган эди. Лекин бундай лойиҳаларни қиламан деган 76 та тадбиркорнинг 20 тасига ер ажратиш масаласи ҳал бўлмаган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кейинги йилда 76 та шундай лойиҳани тўлиқ ишга тушириш топширилди.

Пишиқчилик даврида нарх тушиб кетиши оқибатида Сурхондарёда карам, лавлаги, Жиззахда пиёз ҳосили, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарёда тарвуз ҳосили охиригача йиғиб олинмагани кўрсатиб ўтилди.

Эҳтиёждан ортган ҳосилни қуритиб, озуқавий қўшимча шаклида экспорт қилиш мумкинлиги, бунга озиқ-овқат саноати корхоналарида талаб катталиги таъкидланди.

Келгуси йилда «шок” усулида музлатиш, озуқа қўшимчаси тайёрлаш бўйича 100 миллион долларлик 50 та лойиҳани ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Саноатлашган боғ-токзорларда 20 сотихгача майдонда кичик музлаткич, саралаш ва қадоқлаш цехларини қуришга рухсат берилган.

Мутасаддиларга интенсив боғларда бундай цехлар учун жойларни белгилаш, келгуси йилда 500 минг тоннали қувватларни яратиш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, туманлар бўйича ишни бошлаш топширилди.