Хитойда қадимги инсонларнинг бошсуяклари толипди. Олимларнинг фикрича, ушбу суяклар 200 минг йил аввал яшаган инсон турига тегишли.
Сюцзяяо манзилидан топилган 16 кишининг скелетлари Ҳонолулу университети ва Хитой фанлар академияси тадқиқотчилари томонидан ўрганилган. Уларнинг бош суяги ҳажми 1600-1700 см³ бўлиб, бу замонавий одамлар (Homo sapiens) бош суяги ҳажмидан (1300 см³) анча катта.
Тадқиқотчилар бу одамларни алоҳида тур сифатида таснифлаб, уларни Homo juluensis деб номлади. Черепнинг катта ҳажми юқори ақлий қобилиятни англатмаслигини қайд этишди.
Топилмаларнинг аҳамияти
Homo juluensis скелетлари билан бирга, тошдан ясалган меҳнат қуроллари ва ҳайвон суяклари топилди. Улар ёввойи отларни овлаб, уларнинг гўшти билан озиқланган ва териларидан кийим ясашган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, улар музлик даврида кичик гуруҳларда яшаб, оғир иқлим шароитида омон қолишга уринган.
Денисовчилар билан ўхшашлик
Homo juluensis тишларининг тузилиши денисовчиларникига ўхшаш бўлиб, улар ҳам йўқолиб кетган қадимги инсон тури ҳисобланади. Тадқиқотчиларнинг тахминича, бу турлар замонавий инсонлар — Homo sapiens томонидан генетик жиҳатдан сиқиб чиқарилган.
Бу каби топилмалар инсоният эволюциясини чуқурроқ ўрганиш имконини беради. Улар қадимги инсонларнинг ҳаёт тарзи ва замонавий одамлар билан муносабатларини яхшироқ тушунишга ёрдам бермоқда.