3 ёшли болани шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирган шахс 24 йилга қамалди

Судланувчига тайинланган жазонинг дастлабки 4 йилини турмага қамаш тариқасида ва қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттирилиш белгиланди.

Бугун жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида С. М.га (эркак, 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган) оид жиноят ишини биринчи инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси С. Абдуғаниев раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ С. М. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми «б», «г», «ж», «р» бандлари, 219-моддаси 2-қисми ва 251-1-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга Жиноят кодексининг 50-моддаси 9-қисмига асосан судланувчига тайинланган жазонинг дастлабки 4 йилини турмага қамаш тариқасида ва қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттирилиш белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.