Жанубий Кореяда ноқонуний юрган ўзбекистонликлар учун “яшил йўлак” орқали мамлакатдан чиқиб кетиш муддати 2025 йилнинг 31 январигача узайтирилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Агентликнинг Сеулдаги ваколатхонаси ва Корея Адлия вазирлиги ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида имзоланган ҳужжатга кўра, 30 ноябрь куни тугаши лозим бўлган “яшил йўлак” лойиҳаси 2025 йилнинг 31 январгача узайтирилди. Ушбу мамлакатда ноқонуний юрган ўзбекистонликлар шу санага қадар “яшил йўлак”дан фойдаланиб эркин чиқиб кетиши мумкин.
Кореяда ноқонуний ишлаб, яшаб юрган шахслар қуйидаги миқдорда жарима тўлайди:
- 1 ойдан кам бўлса 1,000,000 вон (716 доллар);
- 1 ойдан 3 ойгача 1,500,000 (1 074 доллар);
- 3 ойдан 6 ойгача 2,000,000 (1 432 доллар);
- 6 ойдан 1 йилгача 4,000,000 (2 864 доллар);
- 1 йилдан 2 йилгача 7,000,000 (5 012 доллар);
- 2 йилдан 3 йилгача 10,000,000 (7 160 доллар);
- 3 йилдан 5 йилгача 20,000,000 (14 321 доллар);
- 5 йилдан 7 йилгача 25,000,000 (17 902 доллар);
- 7 йилдан кўп бўлса 30,000,000 (21 482 доллар).
“Кўрсатилган муддат ичида Кореяни ихтиёрий тарк этсангиз юқоридаги жарималардан озод этиласиз, кейинчалик Кореяга қайта киришингиз енгиллашади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу муддат тугаганидан сўнг фуқаро Кореяда яна қоладиган бўлса, Миграция агентлиги томонидан шартнома бандларига кўра фуқаро ёки унинг кафилига нисбатан катта миқдорда жарима; (ҳар бир ойи учун 2000 доллар), Корея томонидан қайта киришга тақиқ қўлланилади.
Шу сабабли Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Корея Республикасида фаолият юритаётган фуқаролардан ушбу давлатнинг қонунчилигини бузмасликни, юқорида кўрсатилган муддат ичида Ўзбекистонга қайтишларини сўради.