Рубоб Марказий Осиё минтақаси халқларини бирлаштирувчи омил. У маданий ва ижтимоий ҳамжиҳатликни рағбатлантиради ва маданий алмашинув ҳамда бирдамликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Жорий йилнинг 2-7 декабрь кунлари Парагвай пойтахтида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессияси бўлиб ўтади, деб хабар қилди «Дунё» АА.
4 декабрь куни Ҳукуматлараро қўмита йиғилишида Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасининг бошқа давлатлари билан биргаликда «Рубоб ясаш ва чалиш санъати» номинацияси барча аъзо мамлакатларнинг бир овоздан розилиги билан Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилди.
Қўмита қарорида рубоб Марказий, Жанубий ва Жанубий-Ғарбий Осиёдаги энг қадимий чолғу асбобларидан бири эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, рубоб Марказий Осиё минтақаси халқларини бирлаштирувчи омил эканлиги таъкидланди. У маданий ва ижтимоий ҳамжиҳатликни рағбатлантиради ва маданий алмашинув ҳамда бирдамликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Бу санъат турининг ҳам сифатли таълим, гендер тенглиги, инклюзив иқтисодий ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиши мамнуният билан қабул қилинди.
Қўмита ташаббускор мамлакатларда рубоб ясаш ва чалиш санъатини миллий ва халқаро миқёсда асраб-авайлаш, тарғиб қилиш ва янада оммалаштириш бўйича кўрилаётган ҳамда режалаштирилган амалий чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Рубоб ясаш ва чалиш санъати Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мерос Репрезентатив рўйхатига киритилган 16-элементи бўлди.