Таълим инқирози: Негатизим инсонларни ҳаётга тайёрламайди?

Таълим тизими жамият ривожланишида муҳим ўрин тутади, аммо бугун унинг самарадорлиги ҳақида саволлар тобора ошиб бормоқда. Нега олий ўқув юрти битирувчилари иш тополмаяпти? Нега мактабни битираётган ўқувчилар ҳаётга тайёр эмас? Ахир бу муаммолар ҳар биримизнинг ҳаётимизга таъсир кўрсатади: ота-оналар, ўқитувчилар, талабалар ва иш берувчиларга.

Эскирган дастурлар

Ойлик маоши яхши бўлган исталган бир жойга ишга кирмоқчи бўлсангиз, мутахассислигингиздан ташқари яна бир дунё талабларга жавоб бера олишингизни сўрашади: нечта тилни биласиз, нечта компьютер дастурида ишлай оласиз, одамлар билан мулоқот қила оласизми, тадбиркорлик кўникмангиз борми ва ҳоказо… Бу аввало замоннинг талаби. Яхши маош керакми, марҳамат, ҳар томонлама талабга жавоб бера оладиган кадр бўлинг. Лекин сизни кадр сифатида тайёрлаб, қўлингизга диплом берган даргоҳ буни қанчалик уддалай оляпти ҳозир?

Дунё таълим дастурлари янгиланишидан кўра тезроқ ривожланмоқда. Мактаб ва олий ўқув юртларида кўплаб фанлар ҳозирги замонавий воқеликни акс эттирмайдиган эски методларга асосланган ҳолда ўқитилади. Натижада талабалар кўпинча тез эскирадиган билимларга эга бўлишади.

Масалан, муҳандис беш йил ўқийди, лекин унинг дипломи битириш пайтидаёқ қадрсиз бўлиб қолади. Бу кўплаб гуманитар соҳаларга ҳам тегишли, чунки бу ерда назариядан кўра амалий тажриба муҳимроқ.

Бунинг амалдаги “оқибати”га ҳам мисоллар кўп. Ўзи ТошМИни битирган, лекин бугун яхши хонанда бўлиб юрибди. Бир вақтлар обрўли “юрфакни” битириб ҳозир фирмада бухгалтерлик қилмоқда. Ёки “педфак”ни битириб журналистлик қилаётган, “тарихни” битириб стоматологияда тиш ясаётганлар йўқми орамизда?! Афсуски бу рўйхатни узоқ давм эттириш мумкин.

Амалиёт етишмовчилиги

Тизимдаги фожиага илк сабаб – таълим жараёнида асосий эътибор фақат назарий қисмга қаратилганида. Жамоада ишлаш, ҳақиқий муаммоларни ечиш ёки замонавий технологиялардан фойдаланиш каби амалий кўникмалар иккинчи, учинчи, хуллас энг қуйи даражада қолмоқда.

Натижада дипломга эга битирувчи меҳнат бозори талаблари олдида ожиз қолади. Иш берувчилар шикоят қилади: келаётган кадрларнинг ҳаммаси тажрибасиз, тизимни умуман тушунмайди, уларни қўшимча ўқитиш учун вақт ва ресурслар сарфлашга тўғри келади…

Яна бир муҳим сабаб. Таълим тизимимиз оммавийликка йўналтирилган. Турли қобилият ва қизиқишларга эга бўлган ўқувчилар ва талабалар бир хил стандартлар бўйича ўқишга мажбур. Бу кўпчиликнинг мотивациясини йўқотишига, уларнинг иқтидорлари эса очилмасдан қолишига олиб келади.

Меҳнат бозори талабларига жавоб бермайдиган битирувчилар

Таълим муассасалари ва меҳнат бозори турли воқеликда мавжуд. Олий ўқув юртлари талабгорлиги кам бўлган мутахассисларни тайёрлайди, ишлаб чиқариш корхоналари эса бошқа соҳаларда кадрлар танқислигига дуч келаверади.

Масалан, IT-компаниялар дастурчилар танқислигидан шикоят қилмоқда, аммо кўплаб университетлар меҳнат бозори тўлиб-тошган юристларни тайёрлашда давом этмоқда.

Бошқа тарафдан қараганда эса, ў‌қитувчиларнинг маоши паст ва улар турли бюрократик ишлар билан кўмиб ташланган. Бу уларнинг мотивациясини туширади. Педагоглар замонавий методларни ўрганишга улгурмайди ёки буни қилишга хоҳиш ҳам, истак ҳам йўқ уларда. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов айтганидек: “Инсон меҳнатига яраша маош олмаса, олган маошига яраша меҳнат қила бошлайди”. Алал оқибат ўқувчилар қизиқишини йўқотади, таълим сифати эса пасайиб бораверади.

Нимани ўзгартириш керак?

1. Таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги алоқани яхшилаш

Таълим муассасалари иш берувчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак. Бу иқтисодиётнинг ҳақиқий эҳтиёжларига мос дастурларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

2. Амалиётларни ку‌пайтириш

Тажриба ўташ, лойиҳаларда ишлаш ва ҳақиқий масалаларни ечиш таълим жараёнининг ажралмас қисмига айланиши керак. Бу бўлмаса, рақобатбардош мутахассис тайёрлашнинг иложи йўқ.

3. Таълимни индивидуаллаштириш

Ҳар бир ўқувчининг эҳтиёжларига мос таълим жараёнини ташкил этиш учун сунъий интеллект каби замонавий технологиялардан фойдаланиш керак. Бу мотивацияни оширади ва ҳар бир ўқувчининг иқтидорини юзага чиқаради. 

4. Ўқитувчиларга инвестиция киритиш

Ўқитувчиларнинг меҳнатига муносиб маош бериш ва уларнинг малакасини оширишни таъминламасдан туриб, таълимни яхшилаш мумкин эмас. Педагоглар ислоҳотларнинг асосий кучи бўлиши керак, эски тизимнинг қурбони эмас.

Демак, шу аргументлардан келиб чиқиб, таълим тизимининг заифлигига эътибор бермасак – бу нафақат мактаб ва олий ўқув юртлари ичидаги муаммо, балки бутун жамият учун ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқариши турган гап. Бугун таълим тизимидаги аҳвол жамият учун огоҳлиқ қўнғироғи бўлган чақириқдир. Агар биз ислоҳотларни бошламасак, малакали кадрлар етишмовчилиги, турмуш даражасининг тушиши ва тараққиётнинг секинлашишига дуч келамиз.

Таълим замонавий, мослашувчан ва амалий кўникмаларни ривожлантирувчи бўлиши шарт. Буни амалга оширмасак, келажакда ҳаётнинг қийинчиликларига тайёр бўлмаган авлодни тайёрлашда давом этамиз. Фарзандларимиз ва бутун мамлакатнинг келажаги учун ҳаракат қилиш вақти келди.

Артиқова Маҳфуза