ЖССТ томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, ташкилотнинг Европа минтақавий бюросига аъзо мамлакатларда 18 ёшдан юқори аҳолининг 179 миллион нафари ва 13-15 ёшли ўсмирларнинг 4 миллион нафари тамаки истеъмол қилади.
Ушбу зарарли одат минтақада юқумли бўлмаган касалликлардан ўлим ҳолатларининг 18 фоизига сабаб бўляпти. Яъни бу давлатларда тамаки истеъмоли оқибатида йилига 1,2 миллиондан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда.
ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси вакили Гален Галеа фикрича, бундай салбий ўсиш динамикаси тамаки саноати ривожи, жозибадор рекламалар кўпайиб, қонуний чекловлар тобора сусайиб бораётгани билан боғлиқ.
“Агар бу борада зарур чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб, минтақамиз тамаки истеъмоли бўйича дунёда энг юқори статистика қайд этиши мумкин”, — деб қўшимча қилди эксперт.
Ваҳоланки, Глобал ҳаракатлар режасига мувофиқ, минтақа давлатлари 2025 йилга бориб тамаки истеъмолини 30 фоизга камайтириш мажбуриятини олган. Бироқ бор-йўғи 11 та мамлакат бу борада тизимли равишда ҳаракат қилмоқда.
Мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, ЖССТ тегишли давлатларни тамаки маҳсулотлари истеъмоли, ишлаб чиқарилиши, реализация ва тарғиботини қатъий тартибга солишга чақирди.