Президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
Мазкур маросимда умумий қиймати 7 млрд доллардан зиёд 24 та лойиҳа тайёрланган. Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида қарийб 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция қуриб битказилган.
Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли энергия сақлаш тизими барпо этилган.
Шунингдек, Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2,5 минг мегаваттли 6 та электр иншооти қурилиш арафасида.
Ушбу янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 млрд киловатт соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 млрд куб метр табиий газ тежалади, 4,6 млн тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.
Энг муҳими, 4 млндан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади.
Шу боис давлат раҳбари энергетика соҳасидаги навбатдаги режаларга тўхталиб ўтди.
2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт “яшил қувват”ларни барпо этилиб, қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилади.
Шунингдек, келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади.
Давлат-хусусий шериклик тақсимлаш тармоқларига ҳам жорий қилиниб, уларни модернизация қилиш учун 4 млрд доллар инвестиция жалб этилади.
Бундан ташқари, “яшил энергетика” йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни босиб, 18 та мажмуанинг фаолияти ва 6 та лойиҳанинг қурилишини бошлаб берди.