ИШИД террор ташкилоти «Толибон» муваққат ҳукуматининг муҳожирлар ишлари бўйича вазири Халил ар-Раҳмон Ҳаққонийнинг ўлимига олиб келган теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олди, деб хабар берди TRT.
Террорчи ташкилот суиқасднинг асосий нишони айнан Халил ар-Раҳмон Ҳаққоний бўлганини маълум қилган.
11 декабрь куни Кобулда муҳожирлар ишлари бўйича вазирлик биносида рўй берган портлаш оқибатида вазир Ҳаққоний ва яна бир неча киши ҳалок бўлганди.
Хавфсизлик тизимини айланиб ўтган ҳолда вазирлик биноси ичига киришга муваффақ бўлган худкуш шахс Ҳаққоний қўриқчилари ҳамроҳлигида бинодан чиқаётган пайтда белига боғланган бомбани портлатган.
58 ёшли муҳожирлар ишлари бўйича вазир Ҳаққонийлар хонадонининг таниқли вакилларидан бири бўлган. У амалдаги ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакисидир.
Афғонистон ҳокимиятига толиблар ҳаракати келган 2021 йил август ойидан буён мамлакатда бир неча теракт содир этилди. Аммо вазир даражасидаги мансабдорнинг қўпорувчилик ҳаракати қурбони бўлиши илк бор кузатилмоқда. Шунга кўра айрим таҳлилчилар сўнгги терактни ИШИДнинг Ҳаққонийлар оиласига қарши уруш очгани аломати деб баҳоламоқда.
Халил ар-Раҳмон Ҳаққоний«Толибон» ҳаракати учун маблағ йиғишда муҳим ўрин тутгани, хусусан, Кўрфаз мамлакатлари билан яқин алоқаларга эга бўлгани айтилади.