Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, 2023 йилда безгакка чалинганлар сони 263 миллион нафарга етган, бу 2022 йилга нисбатан 11 миллионга кўп.
Беморлардан 597 минг киши вафот этган бўлиб, уларнинг аксарияти 5 ёшгача бўлган болалардир. Эпидемия асосан Африка минтақасига тааллуқли.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, замонавий тиббиёт имкониятларидан келиб чиқиб, безгакдан ўлим ҳолатлари бўлмаслиги керак. Бу касалликка қарши кураш воситалари мавжуд ва профилактика, диагностика ҳамда даволаш усуллари самарали.
Сўнгги йилларда безгакка қарши иккита вакцина яратилган бўлиб, эмлаш орқали ҳар йили минглаб болалар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
Шунга қарамай, Африкада болалар ва ҳомиладор аёллар безгак қурбонига айланмоқда. Экспертлар инфекция ўчоқлари бор мамлакатларга ёрдам бериш орқали эпидемияни жиловлаш мумкин, деб ҳисоблайди.