Андижонда 40 сотих ерни ўзганинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар олган шахс ушланди

Андижон вилоятининг Улуғнор ҳамда Навоий вилоятининг Нурота туманида ер майдонлари олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Улуғнор туманида “С.Ё.” МЧЖ раҳбари Х.М. фуқаро М.А.нинг ишончига кириб, МЧЖга Улуғнор тумани “Кичик саноат зонаси” ҳудудидан ажратилган 40 сотих ер майдонини танишлари ёрдамида 100 минг доллар эвазига унинг номига расмийлаштириб олиб беришини айтган.

Олдиндан 50 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Нуротада тумангаз бўлими собиқ раҳбари Ш.И. фуқаро С.Н.нинг ишончига кириб, унга газ таъминоти бўлими ҳудудидаги 3 сотих ер майдонини олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига 1 000 доллар ва 79 млн сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.