Аввалроқ сайтимиз орқали ўқитувчи ўқувчини ургани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳолатга болалар омбудсмани муносабат билдирди. Унда айтилишича, ҳолат жорий йил 20-ноябрь куни бўлиб ўтган. Нарпай тумани 6-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси А.Х. (2010 йилда туғилган ўғил бола) дарс вақтида ўқув қуроллари қолиб кетгани сабабли уларни олиб келиш мақсадида мазкур мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ш.М. (1991 йилда туғилган, аёл) дан рухсат сўраган.
Ўқитувчи рухсат бермагани сабабли ўзаро жанжал юзага келган. Ш.М. вояга етмаган А.Х.ни уришиб, уни юз қисмидан урган ва синфдан чиқариб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан А.Х.га нисбатан тан жароҳати бўйича судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Ўз касбий вазифасига зид бўлган бундай ҳаракати учун ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ш.М.га ММТБ томонидан “Хайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.