Фарғонадаги заправкада содир бўлган ёнғин оқибатида бир киши вафот этган

Аввалроқ Фарғонадаги заправкада ёнғин юз бергани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ФВБ ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Унга кўра, ҳодиса 17 декабрь куни соат 13:43 да Фарғона шаҳар, “Янгийўл” МФЙ, А.Яссавий кўчасидаги кўп ёнилғили АЁҚШ ва АГҚШ шохобчасида содир бўлган. 

Маълум қилинишича, суюлтирилган газ тўкиш вақтида технологик жараёнларнинг бузилиши ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги оқибатида чақнаш содир бўлган, ундан сўнг ёнғин юзага келган.

Ёнғин қутқарувчилар 13:47 да етиб бориб, 14:02 да ёнғин ўраб олиниб, 14:12 да батамом ўчирилган.

Ёнғин оқибатида бир нафар фуқаро вафот этган, тўрт нафар фуқаро тан жароҳати олган, саккиз нафар фуқаро тиббиёт ходимлари назоратида.

Фарғона вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари, ҳокимлик, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари зудлик билан воқеа жойига чиққан ҳолда ёнғин оқибатларини бартараф этиш ишлари ташкил этилди.