Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида янги тўлов механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқшунос ва экспертлар иштирокида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишларида ушбу қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, унга киритилаётган ҳар бир норма депутатлар томонидан чуқур таҳлил қилинди. Қонун лойиҳаси инсон манфаати ҳамма нарсадан устун тамойили асосида такомиллаштирилди.
Мазкур қонун лойиҳасида истеъмолчига чиқинди хизмати учун қарздорликни бартараф этиш учун имконият яратиш мақсадида чиқинди хизматлари учун тўловлардан қарздорлиги юзасидан қисқа хабар (СМС) орқали истеъмолчи хабардор қилингандан кейин беш кунлик муддат берилиши белгиланди. Шундан сўнггина, қарздорлик бартараф этилмаганда электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклашга қаратилган ҳуқуқий нормалар тадбиқ этилади.
Ушбу қонун лойиҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этиш кафолатларини тўла мустаҳкамланиб, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ихтисослашган ташкилотлар тўловларнинг ҳаққоний ва тўғри ҳисобланиши учун жавобгар бўлиши, мазкур талаблар бузилган ҳолларда истеъмолчига еткзилган зарар қопланиши белгилаб қўйилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов механизмлари такомиллаштиришга, чиқинди хизматларини кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.