Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Авазбек Эргашев вафот этди

Андижон вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Авазбек Яқубжонович Эргашев вафот этди, дея хабар бермоқда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги.

Авазбек Эргашев 1966 йил Олтинкўл туманида туғилган. 1992 йилда Андижон пахтачилик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Олтинкўл тумани «Оқ-тепа» ширкат хўжалиги аъзоси вазифасидан бошлаган.

1992−2022 йилларда Андижон вилояти Олтинкўл тумани «Оқ-тепа» ширкат хўжалиги аъзоси, энтомолог-агрономи, бош агрономи, раис ўринбосари, Олтинкўл тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси уруғчилик бўлими бош мутахассиси, Андижон вилояти «Пахта уруғчилик» бирлашмаси раиси, «Ғўза уруғчилиги» республика маркази бошлиғи ўринбосари, Қўрғонтепа тумани ҳокими, Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

У вилоят ҳокими ўринбосари бўлишидан олдин Уруғчиликни ривожлантириш маркази директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган.