Қашқадарёдаги “заправка”да Зил русумидаги автомобил ёниб кетди

Бугун, 28-декабрь куни соат тахминан 08:45 лар атрофида Шаҳрисабз шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимига автомобил ёнаётганлиги бўйича хабар келиб тушган, деб ёзмоқда ФВБ матбуот хизмати.

Хабарга кўра, воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси соат 08:48 да етиб бориб, ёнғинни 09:51 да тўлиқ ўчирган.

“Аниқланишича, Шаҳрисабз шаҳар “Ипак йўли” кўчасида жойлашган Қашқадарё Нефт базаси МЧЖ Шаҳрисабз филиалига қарашли 3-сонли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобча ҳовлисида, Зил 130 русумидаги ёқилғи ташувчи автомобил ёнган”, – дейилади хабарда.

Ёнғиндан ҳеч ким тан жароҳати олмаган, ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Ёнғин оқибатида шохобчанинг ҳеч бир қўшимча биноларига зарар етмаган.