Андижонда тўй кортежи уюштирган куёв 27 млн сўмдан ортиқ жарима тўлади

Андижон вилояти Балиқчи туманида тўй сабаб куёв жаримага тортилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси маълум қилди.

Хабар берилишича, Балиқчи туманида яшовчи 22 ёшли фуқаронинг тўйи муносабати билан тўй кортежи Балиқчи туман марказида гуруҳ бўлиб ҳаракатланган. 

Бу ҳолатни автомашинадан танасини чиқариб, видео тасвирга олиб кетаётган оператор автомашинаси вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳайдовчи оператори томонидан тўхтатилиб, унга нисбатан қонуний чора кўрилиши билдирилган.

Шундан сўнг, куёв ва унинг дўстлари бу ҳолатга қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифасини ўтаётган ходим билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказишган.

Ҳозирда мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 27 млн 200 минг сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган. Шунингдек, ушбу жарима пуллари ундирилган.