Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 февралдан иссиқлик корхоналарининг иссиқ сув ва иситиш хизматлари тарифлари ўзгаради. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят «Иссиқлик манбаи» ишлаб чиқариш бошқармаси, «Ангрен иссиқлик энергияси» ДУК, Чирчиқ «Иссиқлик энергияси» ИЧК, «Олмалиқ иссиқлик манбаи» МЧЖнинг истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлари нархи ўзгармоқда.
Хусусан, «Иссиқлик манбаи» иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун 93 464 сўм/Гкал (ҚҚС билан) нархни таклиф этмоқда — ҳозирда бу 81 минг 312 сўмни ташкил этади.
Шунингдек, ҳисоблагич мавжуд бўлганда 1 метр куб иссиқ сув нархи 5 144 сўм этиб белгиланади (ҳозирда 4472 сўм). Ҳисоблагич йўқ бўлса, бир киши учун 1 ойга 20 минг сўмдан ошиқроқ тўлашга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил сентябр ойида Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгаши томонидан кўриб чиқилганди. Унга кўра, нархлар 15 фоизга оширилган. Жумладан, аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти хизматларининг янги чакана тарифи 121 617 сўм/Гкал этиб белгиланганди.