Тошкент вилоятида онаси томонидан калтакланган 4 ёшли қиз вафот этди

Тошкент вилоятида онаси томонидан калтакланган 4 ёшли қиз 7 январь куни вафот этди. Бу ҳақда болалар омбусдмани хабар қилди.

23 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасига 2020 йилда туғилган қиз Й.М. танасидаги турли жароҳатлар билан қабул қилинганди. Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида Э.Й. (1977 йилда туғилган аёл) 4 ёшли қизини қаттиқ калтаклаб, тан жароҳати етказгани аниқланди.

Хусусан, тиббиёт хулосасига кўра, болада бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши оғир даражаси ва бош соҳасидаги бошқа оғир жароҳатлар қайд этилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ИИБ  томонидан Э.Й.га нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 7-қисми “б” банди (оилавий (маиший) зўравонлик вояга етмаган шахсга нисбатан) билан жиноят иши қўзғатилганди.

“Тергов вақтида жиноят натижасидаги оқибат ўзгаргани, яъни жабрланувчининг ўлими жиноятга ҳуқуқий баҳо бериш жараёнига таъсир қилади — айбловни оғирроқ жазони кўзда тутувчи қисмга қайта малакалаш лозим бўлади”, дейди болалар омбудсмани.

Бу тергов томонидан амалга оширилади. Иш юзасидан якуний қарорни эса суд беради.