Ўзбекистон АҚШнинг янги маъмурияти билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Лойиҳада АҚШ Конгресси етакчи аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш назарда тутилган. Шунингдек, Америка қитъаси мамлакатларидан инвесторларни жалб этиш ва бизнес-форумлар орқали савдо-инвестиция ҳамкорлигини жадаллаштириш кўзда тутилган.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида АҚШ янги маъмурияти вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган. Олий даражадаги ташрифни ташкил этиш ва стратегик шериклик бўйича мулоқотнинг биринчи босқичини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар С5+1 формати доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш режалаштирилган. 

Бу доирада вазирлар учрашувлари ва ишчи гуруҳлар йиғилишларини ўтказиш мўлжалланган. Шунингдек, Самарқандда форматнинг 10 йиллиги муносабати билан юбилей саммитини ташкил этиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, АҚШ ҳукумати эълон қиладиган инсон ҳуқуқлари ҳисоботларида Ўзбекистоннинг юқори рейтингини сақлаш учун хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.