Ўзбекистонда кунига 10 минг қадам юрган фуқаролар яна рағбатлантирилиши мумкин

Ўзбекистонда кунига камида 10 минг қадам юрадиган фуқароларни рағбатлантириш дастури янгиланди. 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасига кўра, 2025 йил 1 июнгача махсус платформани ишга тушириш режалаштирилган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирликлари томонидан ишлаб чиқилган дастур фаолликни ошириш ва юқори натижаларга эришганларга “экологик фаол фуқаро” мақомини беришни назарда тутади. Ушбу мақом эгалари давлат хизматларига ҳамда давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган банкларга истеъмол кредитларини олиш учун мурожаат қилганда 10 фоизлик чегирмага эга бўладилар.

Барча катталар “экологик фаол фуқаролар”га айланган оилалар “яшил оила” мақомига эга бўлишлари ва ҳар йили 14 та электромобил ўйналадиган лотереяда иштирок этишлари мумкин бўлади. Аҳолининг ярми ушбу мақомга эга бўлган маҳаллаларда “Энг мусаффо маҳалла”, “Энг ям-яшил маҳалла” танловлари ташкил этилади. 

Ғолибларга инфратузилмани, жумладан, болалар майдончалари, яшил майдонлар ва чиқинди контейнерларини ривожлантириш учун 500 миллион сўм миқдорида грантлар ажратилади.