Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясига янги раҳбар сайланди

Бугун Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов федерация раиси этиб сайланди. У билдирилган ишончни оқлаш ва чим устида хоккейни ривожлантиришга бор кучини сафарбар этишини таъкидлади.

Шунингдек, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси тақдим этилди. Мамлакат бўйлаб спорт оммавийлигини ошириш, кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиш ҳамда хорижий мураббийларни жалб этиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Пойтахтдаги Олимпия шаҳарчасида қурилаётган 2 та чим устида хоккей майдони эса спорт ривожига катта туртки бўлиши қайд этилди.