Ўзбекистон-БАА муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилмоқда

Абу-Даби шаҳридаги «Қаср аш-Шати» қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказдилар.

Ўзбекистон етакчисининг БААга ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очаётгани — улар стратегик шериклик даражасига кўтарилаётгани қайд этилди.

Етакчилар иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини, жумладан сунъий интеллект, рақамлаштириш, «яшил» энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6та асосий йўналишни белгилаб олдилар. Ҳар бир устувор соҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этишга келишилди.

Томонлар 2025-2027 йилларни «Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври» деб эълон қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Шу маънода, 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланди.