Австралияда заҳарли ўргимчакнинг янги тури топилди

Австралиянинг шарқий қирғоғида инсон ҳаёти учун хавфли бўлган заҳарли ўргимчакнинг янги тури топилди.

Бу ҳақда Сидней миллий музейи ва Ньюкасл университети баёнотида маълум қилинди, деб хабар беради ТАСС.

Қайд этилишича, ўргимчакнинг бу тури энг хавфли бўлган Сидней ўргимчаклари гуруҳига киради. Катта ўлчамлари ва кучли заҳари билан ажралиб турадиган ўргимчакларнинг янги турлари Ньюкасл шаҳри ва унинг атрофида яшаган ва уларнинг кичикроқ турлари Сидней ва мегаполис атрофида кенг тарқалган.

Ньюкасл университетининг клиник токсикология бўлими бошлиғи Жефф Исбистернинг айтишича, ўргимчаклар тахминан 20 йил олдин аниқланган.

“Аслида бу ўргимчаклар бу ерда анчадан бери бўлган, лекин биз уларнинг бошқалардан фарқ қилишини эндигина англаб етдик. Бироқ, мавжуд антидот унинг заҳарига қарши тура олиши қувонарли”, – деди у.

Янги турни тасвирлаш учун олимлар яқинда тўпланган юзлаб ўргимчакларнинг ДНКсини ўтган аср бошидаги ўргимчаклар билан солиштиришди.

Янги турдаги “Atrax christenseni”ни кашф қилинишига одатдагидан каттароқ ва ўта тажовузкор ўргимчаклар Сидней судралиб юрувчилар боғидаги лабораторияга олиб келинганидан кейин бошланган.

“Аввало, биз бу ўргимчаклар ушбу турнинг бошқа ўргимчакларига нисбатан ниҳоятда катта эканлигини, шунингдек, уларни бир-биридан ажратиб турувчи бир қатор хусусиятларга эга эканлигини пайқадик”, – деди лаборатория ходими Кейн Кристенсен.

Шунингдек, Сидней ўргимчакларининг янги турининг энг йирик вакилларидан бири 2025 йил бошида Сидней судралиб юрувчилар боғига олиб келингани маълум қилинган. Тана узунлиги 9,2 см бўлган ўргимчак австралиялик актёр Крис Хемсворт шарафига номланган.

Ўргимчакнинг бу янги тури Сиднейдан 160 км радиусда ва шаҳарнинг ўзида учрайди. Улар жуда тажовузкор. 1927 йилдан 1981 йилгача бу ўргимчакларнинг чақиши натижасида 13 киши вафот этган бўлса, 1981 йилда уларнинг заҳаридан тайёрланган антидот олинди ва ўшандан бери ҳеч қандай ўлим қайд этилмаган.