Туркияда спиртли ичимликдан вафот этган ўзбекистонликлар сони ошди

16 январь ҳолатига кўра, Туркияда сохта спиртли ичимликлардан заҳарланиш оқибатида вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг сони 11 нафарга етди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди. Кейинчалик консулхона сўнгги марҳум ҳақидаги маълумотни Telegram каналидан олиб ташлади.

Консуллика 15 январь куни тўрт нафар фуқаронинг (барчаси эркак) сохта спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида вафот этгани бўйича мурожаатлар келиб тушган. Бир кун ўтиб, Истанбул морг идораси яна бир Ўзбекистон фуқароси сохта спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида вафот этганини тасдиқлаган.

14 январда 35−40 ёш атрофидаги 6 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида заҳарлангани ва вафот этгани хабар қилинганди.

Таъкидланишича, Истанбулдаги бир нечта шифохоналарнинг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолаётган фуқаролар бор. Дипломатлар уларнинг ҳолидан хабар олган ва ҳолат юзасидан Истанбул соғлиқни сақлаш, суд-тиббий экспертиза бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Бош консулхона барча фуқароларни эҳтиёт чоралари кўришга, шахсий хавфсизликка риоя қилишга ва зарур ҳолларда консулхонага мурожаат қилишга чақиради. Алоқа учун: +90 (553) 541-17-17.

Anadolu маълумотларига кўра, ҳозирда жами 65 киши қалбаки спиртли ичимликларни истеъмол қилиш билан боғлиқ сабабларга кўра шифохоналарга мурожаат қилган. Беморларнинг 19 нафари вафот этган. Муолажалари якунланган 3 нафар бемор шифохонадан чиқарилган бўлса, 43 нафар беморнинг даволаниши давом этмоқда.

Ичимликлар шаҳарнинг Аксарай туманида сотиб олинган. Полиция воқеа юзасидан кенг қамровли тергов ишларини бошлаган. Мазкур ҳолатга алоқадорликда айбланиб, 2 нафар Туркманистон фуқароси қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноят иши очилган.