Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги яна бир бор эслатмоқда.
Қонунчиликка кўра (ПФ-81, 24.05.2024-й.) 2025/2026-ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.
Бунда фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул қилишда ушбу фандан тест синови ўтказилмайди. Абитуриентлар белгиланган даражадаги сертификатни тақдим этишлари лозим.
2025/2026-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг таълим йўналишлари рўйхати ва уларга мос тест синови (касбий (ижодий) имтиҳон) топшириладиган фанлар мажмуасига кўра чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишлари рўйхати юқоридаги расмда берилган.
Эътибор беринг: 1-фан сифатида аниқ кўрсатилган инглиз, немис ва франсуз тилларидан айни шу фан бўйича, 1-фан “Чет тили” кўрсатилган таълим йўналишларига эса, бакалавриат таълим йўналишлари учун тасдиқланган хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро сертификатлардан бирини тақдим этиш талаб этилади.
Бу нима дегани?
Масалан, 1-фан “инглиз тили” деб ёзилган бўлса, айнан инглиз тилидан сертификат керак бўлади. Немис ёки турк тилидан сертификати борлар бу йўналишга топшира олмайди.
Лекин 1-фан “чет тили” деб кўрсатилган бўлса, унда қайси тилдан сертификати борлигинининг қизиғи йўқ. Исталган тилдан олинган тасдиқланган сертификат ўтаверади.