Яйловларни Ветеринария ва чорвачилик қўмитаси тизимига ўтказиш таклиф этилмоқда

Яйловларни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимига ўтказиш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида “E-yaylov” электрон харитаси ишлаб чиқилиб, ҳар бир майдон аниқ рўйхатга олинади. Харита орқали чорвачилик, экинчилик ёки геология учун мўлжалланган жойларни кузатиш мумкин бўлади.

Энг катта яйлов майдонларига эга 7 та вилоятда яйлов хўжаликлари ташкил қилинади. Уларнинг вазифаси яйловларни асраш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлашдан иборат бўлади. Яйлов хўжаликлари ерлари аукцион орқали аҳолига чорва боқиш ёки писта ва бодом каби кўчатларни экиш учун 30 йилга ижарага берилади.

Президент ушбу таклифларни маъқуллаб, яйловларни деградациядан чиқариш, қудуқлар қазиш ва яйлов уруғчилигини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди.