Пентагон ноқонуний иммиграцияни назорат қилиш учун Мексика чегарасига 10 минг аскар юборади
Бу ҳақда The Washington Post газетаси АҚШ божхона ва чегарани ҳимоя қилиш хизмати (USCBP) ҳужжатларига таяниб хабар бермоқда.
АҚШнинг янги президенти Трамп ўзининг биринчи фармонларидан бирида АҚШ-Мексика чегарасида фавқулодда ҳолат эълон қилди ва Пентагонга у ерга қўшинлар, учувчисиз самолётлар ва бошқа жиҳозларни юбориш, шунингдек, чегара девори қурилишини қайтадан бошлашни буюрди.
АҚШ Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Роберт Салессеснинг айтишича, биринчи тўлқин чегарага камида 1500 қуруқлик қўшинини жўнатиш ва у ерда шу кунга қадар жойлаштирилган 2500 аскарни қўшишни ўз ичига олади.
«Бу фақат бошланиши. Яна минглаб қўшинларни чегарага жўнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда», – деб ёзади нашр америкалик амалдорлардан бирига таяниб.
Шунингдек, Пентагондаги брифингда юқори мартабали амалдорлардан бири бу рақам 10 мингга етказилиши мумкинлигини қўшимча қилган. Бу Трампнинг биринчи президентлик муддати (2017-2021) давридагидан кўпроқ бўлиб, ўшанда чегарадаги қўшинлар сони 2018 йилга келиб 8000 нафарга етган. Жо Байден (2021-2025 йиллар) даврида эса бу сон 2500 нафарга қисқартирилган эди.
Бундан ташқари, чегарани кузатиш учун разведка самолётлари ва дронлар юборилади.
Чегарага жойлаштирилган қўшинлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш вазифаларини бажармайди, дейди Пентагон расмийлари. Улар, асосан, қўшимча тўсиқлар қуриш ва чегарада сим тўсиқлар қуриш билан шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, президент Трампнинг инаугурацияси 20 январ куни бўлиб ўтди. У лавозимга киришгач, 200 га яқин фармон, меморандум ва буйруқларни имзолади. Трамп, шунингдек, Мексикадан ноқонуний миграция кучайиши муносабати билан АҚШ чегараларида фавқулодда ҳолат эълон қилди. У, шунингдек, АҚШ-Мексика чегарасида чегара девори қурилишини давом эттиришни буюрган.
АҚШ божхона ва чегарани ҳимоя қилиш хизмати, газетанинг ёзишича, 10 минг ўринли тўртта янги ва 700 дан 1000 кишигача жойлашадиган яна 14 та муассаса очиш орқали ҳибсхона сиғимини икки баравар оширишга тайёрланмоқда. Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги ҳарбий базалардан қамоқда сақлаш жойлари сифатида ҳам фойдаланиши мумкин, дейилади хабарда.