«Прописка»га оид қонун бекор қилинади

Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.


Амалдаги “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонун бекор қилинади.


“E-хабар бериш” тизими жорий этилиб, турар жойи бўйича рўйхатдан ўтишга мурожаат қилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш мазкур тизим орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.


Фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кундан 10 иш кунига қисқартирилиб, фуқаролар ва турар жой эгаларининг ўз вақтида яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш борасидаги масъулияти оширилмоқда.


Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда мақбуллаштирилиб, уларнинг аниқ миқдори белгиланмоқда.


Бундан ташқари, Қонун билан 18 ёшга тўлмаган ва 60 ёшдан ошган шахслар паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортилишдан озод этилиши тўғрисидаги янги қоида киритилмоқда.