Наманган ва Нукус давлат техника университетлари ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Наманган давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда “Нукус давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Унга кўра, эндиликда Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институти негизида Наманган давлат техника университети ташкил этилади. 

Университетда муҳандислик, қурилиш, тўқимачилик, ахборот технологиялари ва дастурлаш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича, шунингдек, ҳудуднинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрланади. 

Юқорида келтирилган институтларда таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ва 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб битирувчиларга белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.

Шунингдек, “Нукус давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали негизида Нукус давлат техника университети ташкил этилади. 

 Университет техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади. Университетда илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади. 

2025/2026-ўқув йилигача Университетда тажриба-ишлаб чиқариш (“спин-офф”) корхонаси ташкил этилади. Талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичи ва профессор-ўқитувчиларнинг фаолият самарадорлигини халқаро тажрибалар асосида баҳоланади. 

Ҳозирда таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ва битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.