2025 йилда АҚШда товуқ тухумлари нархи сезиларли даражада ошиб кетиши мумкин.
Бундай ҳолатга бутун мамлакат бўйлаб паррандачилик фермаларига жиддий зарар етказаётган қуш гриппи сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда CBS News телеканали хабар берди.
Мавжуд танқислик сабабли, Массачусетс штатидаги Market Basket супермаркетлар тармоғи харидорларга мурожаат қилиб, бир оила учун тухум сотиб олишни иккита қути билан чеклашни сўради. Лас-Вегасда эса баъзи супермаркетларда тухум рафлари тўлиқ бўшаб қолган.
2024 йил декабрь ойида АҚШда бир дюжина тухум (12 дона) ўртача $4,15 га сотилган.
2023 йилга нисбатан бу 60%, 2019 йилга нисбатан эса 160% кўпроқдир.
2019 йилда шу миқдордаги тухум нархи атиги $1,41 ни ташкил этган.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги прогнозларига кўра, 2025 йилда тухум нархи яна 20% га ошиши мумкин.
Мутахассислар тухум нархи ошишини танқислик ва талабнинг юқорилиги билан боғламоқда.