Ўзбекистон технологик металллар комбинати мамлакатимизда илмий фаолиятни янада ривожлантириш мақсадида олимлар ва тадқиқотчиларни моддий рағбатлантириш дастурини йўлга қўйди. Бу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йилдаги кукун металлургиясини ривожлантириш, саноат учун муҳим минераллар хомашё базасини шакллантириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Эндиликда юқори импакт-факторга эга журналларда чоп этилган илмий мақолалар О‘zTMK томонидан махсус молиявий рағбат билан тақдирланади.
Илм-фан ва инновациялар учун янги имкониятлар
Илмий мақолалар халқаро миқёсда нуфузли ва импакт-факторга эга бўлган журналларда чоп этилиши талаб этилади. Нашр қилинадиган журналлар SCI (Science Citation Index) ва SCIE (Science Citation Index Expanded) индексларига киритилган бўлиши шарт. Ҳар бир мақола О‘zTMK илмий кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, тегишли йўналишга мувофиқлиги аниқланади.
Илмий мақолалар қуйидаги йўналишларда чоп этилиши тавсия этилмоқда:
- Нойоб ва камёб металлларни қазиб олиш ва қайта ишлаш технологиялари;
- Яшил энергетика учун материаллар ва металллар;
- Нанотехнологиялар ва уларнинг металлургияда қўлланилиши;
- Экологик тоза ишлаб чиқариш ва чиқиндисиз технологиялар;
- Металл қотишмалари ва композит материалларининг янги хусусиятлари;
- Металлургия жараёнларида сунъий интеллект ва рақамли технологияларни қўллаш;
- Қайта тикланадиган энергия манбалари учун материаллар ишлаб чиқариш.
Моддий рағбатлантириш мезонлари
О‘zTMK томонидан рағбатлантириш миқдори мақола нашр қилинган журналнинг импакт-фактори ва кварталига қараб белгиланади. Қуйидаги тоифалар асосида мукофот пули ажратилади:
А тоифаси – Энг юқори нашрлар:
- Nature ёки Science журналларида чоп этилган мақолалар учун базавий ҳисоблаш миқдори 860 баровари;
- Агар асосий муаллиф комбнат номидан бўлса, 1720 баровар мукофот.
Б тоифаси – Юқори импакт-факторли журналлар:
- Импакт-фактори 10 ва ундан юқори (Q1): базавий ҳисоблаш миқдори 515 баровари;
- Импакт-фактори 5-10 (Q1-Q2): базавий ҳисоблаш миқдори 140 баровари;
- Импакт-фактори 2-5 (Q2-Q3): базавий ҳисоблаш миқдори 35 баровари;
- Импакт-фактори 1-2 (Q3-Q4): базавий ҳисоблаш миқдори 18 баровари;
- Импакт-фактори 1 дан паст (Q4): базавий ҳисоблаш миқдори 12 баровари.
С тоифаси – SCIE индексга кирган бошқа мақолалар учун базавий ҳисоблаш миқдори 4 баровари.
Илмий ишларингизни халқаро миқёсда намоён қилинг!
О‘zTMK томонидан жорий этилган бу рағбатлантириш дастури олимларнинг илмий фаоллигини ошириш, инновацион ғояларни илгари суриш ва технологик тараққиётга муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилади.
Агар сиз илғор илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган бўлсангиз ва илм-фан ривожига ўз ҳиссангизни қўшишни истасангиз, бу имконият айни сиз учун!
Ҳурматли олим ва тадқиқотчилар, О‘zTMK жамоасига аъзо бўлинг ва илмий мақолаларни нашр этганлик учун мукофот олинг!