2025 йилнинг қиш-баҳор мавсумида картошка танқислиги кузатилиши мумкин

2025 йилнинг қиш-баҳор мавсумида картошка танқислиги кузатилиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Назировнинг маълум қилди.

Ўзбекистон аҳолисининг картошкага бўлган йиллик талаби 4 миллион тоннани ташкил этади. 2024 йилда мамлакатимизда 3,7 миллион тонна картошка етиштирилган бўлиб, бу талабни тўлиқ қопламайди.

Айни пайтда картошканинг улгуржи нархи 12,9 фоизга ошган. Масалан, Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида унинг 1 килограми 7,5 минг сўмдан 10 минг сўмгача сотилмоқда.

Танқисликни бартараф этиш мақсадида Афғонистон, Қирғизистон, Покистон ва Эрондан картошка импорт қилинмоқда. 2025 йил 1-28 январь кунлари 94,2 минг тонна картошка олиб кирилган. Шунингдек, 2025 йил ҳосили учун 122 минг гектар майдонга картошка экилиши режалаштирилган.

Назировнинг таъкидлашича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликлар нархлар ўзгаришини кузатиб бормоқда. Шунингдек, арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилган бўлиб, айрим бозорларда картошканинг 1 килограмми 5,0-6,0 минг сўмдан сотилмоқда.

Картошка етиштириш харажатларининг ошиши, хусусан уруғлик, ёнилғи ва минерал ўғитлар нархи ўсиши маҳсулот таннархига таъсир этмоқда. Шу боис нархларнинг барқарорлашишига тўсқинлик қилаётган омиллар сақланиб қолмоқда.

Ҳозирда импорт ва ички ишлаб чиқаришни ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Давлат томонидан мониторинг ва назорат ишлари олиб борилмоқда.